Тошкентда $4 минг қарзини қалбаки пуллар билан тўламоқчи бўлган шахс ушланди
Тошкент шаҳрида фуқародан катта миқдорда пул олиб, сўнг қарзни сохта долларлар билан қайтарган шахс қолга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Р.Т. таниши М.Х.нинг ишончига кириб, унга 4 тонна помидор етказиб бериши эвазига 4 000 АҚШ долларини қўлга киритади.
Шундан сўнг, пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги ва кейинчалик ушбу пулларни қайтармаслик мақсадида 100 АҚШ долларлик купюрадаги қалбаки 4 000 АҚШ долларини берганлиги аниқланади.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





