Тошкент шаҳридаги электр таъминотини яхшилашга 3,5 трлн сўм йўналтирилади
2023 йил якунига қадар Юқори ва Ўрта Чирчиқ туманларида қурилаётган иккита қуёш фотоэлектр станциясининг биринчи босқичи қувватлари ишга туширилади.
«Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.
Тошкент шаҳрининг қўшимча электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш учун:
- «ACWA Power» (Саудия Арабистони) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи (100 МВт);
- «China Gezhouba Group Investment Company Co. LTD» (Хитой) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида қуввати 700 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватлари (100 МВт) жорий йил якунига қадар ишга туширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, жорий йил якунига қадар қуйидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда:
- Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида умумий қуввати 664 МВА бўлган 5 та 110 кВ кучланишли подстанция ҳамда 49,6 км узунликдаги 35 кВ ва 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш;
- Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Миробод туманларидаги4 та подстанцияни реконструкция қилиш орқали уларнинг ўтказиш қувватини 179 МВАга ошириш;
- жисмонан эскирган 7,5 км узунликдаги 35 кВ ва 41,7 км узунликдаги 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини замонавий турдаги кабель ва симларга алмаштириш.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун жами 3,5 трлн сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади. Хусусан, 566 млрд сўм «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзавтосаноат» АЖнинг ўз маблағлари, 199 млрд сўм «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ўз маблағлари ҳамда 2,7 трлн сўм «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ жалб қиладиган товар кредитлари.