Юқори Чирчиқда нарколаборатория ташкил этган 4 нафар ёшлар ушланди
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида нарколаборатория ташкил этганлар аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи моддаларининг ноқонуний айланишига қарши тезкор тадбирлар давом этиб, 20–26 ёш орасидаги 4 нафар шахcлар ушланган.
Шундан сўнг, улар «Нурафшон» маҳалласидаги вақтинча ижарага олинган хонадонда қўлбола усулда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаш мақсадида нарколаборатория ташкил этгани аниқланган.
Текширувлар давомида ушбу манзилдан 3 кг «прегабалин», 25 кг «трилон», 20 литрлик идишларда суюқлик ва прекурсорлар, бўш капсулалар ҳамда 3 минг дона бўш флакон топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Суриштирув давомида гумонланувчилар лабораторияни ташкил этиш бўйича кўрсатмаларни интернетдаги наркодўкон кураторларидан олиб, уларнинг молиявий кўмагида иш юритгани маълум бўлган.
Дастлабки маълумотга кўра, мусодара қилинган моддаларнинг «қора бозор»даги қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил этиб, 50 мингдан ортиқ дозадаги дорилар тарқатилишининг олди олинди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 251-1, 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





