«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун татбиқ этиладиган органлар рўйхати тасдиқланди
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Унга кўра, қонунда:
• давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига;
• давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига;
• давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилиши белгиланган.
Давлат раҳбарининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ рўйхати тасдиқланди.
Давлат органлари ва ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ қайта ташкил этилган, номи ўзгарган ёки янгидан ташкил қилинган тақдирда, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасида махсус ваколатли орган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Рўйхатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилади.