Тошкент вилоятида имконияти чекланган болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячилар ишдан бўшатилди
Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳридаги 30-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида, тарбиячилар имконияти чекланган болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги изоҳ берди.

Қайд этилишича, текширув жараёнида тегишли масъуллар иштирокида тарбиячиларнинг ушбу хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилган. Натижада қўполликка йўл қўйган тарбиячилар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Маълумот бўлишича, мазкур ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ҳозирда таъмирлаш жараёнида бўлиб, тарбияланувчилар вақтинча ёндош ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилган. Ҳолат айнан ушбу вақтинчалик жойда содир бўлган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Болалар омбудсмани ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида ота-оналар ва тарбиячилар билан тушунтириш ишлари олиб борилгани билдирилди.




