Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги реадмиссия битими тасдиқланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция ҳукумати билан реадмиссия масаласига оид битимни тасдиқлаш ҳақидаги қарорни имзолади. Қарор Lex.uz сайтида эълон қилинди.
Мазкур битим 2025 йил 12 март куни Парижда, Ўзбекистон президентининг Францияга расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.
Реадмиссия — бу бошқа давлат ҳудудида ноқонуний яшаётган фуқароларни уларнинг ватани ёки илгари бўлган давлатига қайтариш тартибини белгиловчи халқаро битимдир.
Шу асосда, чет давлатларда ноқонуний қолган ёки депортация қилинган ўзбекистонликлар Ўзбекистон томонидан қабул қилинади. Бундай шахслар — ўз ихтиёри билан ёки мажбурий тартибда мамлакатга қайтарилган фуқаролар — реадмиссия қилинганлар деб аталади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, реадмиссия асосида қайтган фуқароларга икки йил давомида хорижга чиқиш учун биометрик паспорт берилмайди.