Россияда қаровсиз қолган 3 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
26 ноябрь куни Россия ИИВ кўмагида Новосибирск ва Москва шаҳарларида ота-онаси назоратисиз қолган 3 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Болалар Тошкент шаҳри ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази томонидан қабул қилинди ва ИҲМА ёрдамида ота-оналарига топширилди.
Ушбу ҳолатда вояга етмаган шахслар ота-онасининг яқин қариндошига ишончнома асосида РФга борган, аммо ушбу ишончнома Россия ҳудудида юридик кучга эга эмаслиги сабабли вояга етмаган фуқаролар ота-онаси қаровисиз қолган, деб эътироф этилган.
Олиб келинган болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий хизматлар уларнинг яшаш манзилига яқин бўлган «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан кўрсатилади.
Агентлик ота-оналарга вояга етмаган фарзандларини чет эл давлатига назоратсиз жўнатмасликни, дастлаб ушбу давлатнинг қонунчилигини батафсил ўрганиш кераклигини эслатиб ўтди.