Москвада мигрантлар учун патент нархи ошади
Москвада 2025 йилда мигрантлар учун патентлар нархи ошиши маълум бўлди. Бу ҳақида пойтахт мери Сергей Собянинга таяниб ТАСС хабар бермоқда.
Муҳим масала — мигрантлар солиқлар нуқтайи назаридан фуқароларимиз билан таққосланадиган миқдорда пул тўлаши лозим. Биз фуқароларимизнинг ойлик даромад солиғи тўловларини ҳисобга оламиз ва буни ушбу тоифа ишчилар билан солиштирамиз.
Ҳозирда бизда патент учун ойлик тўлов 7,5 минг рубль, аслида, бу даромад солиғи бўйича аванс ҳисобланади. 1 январдан бошлаб бу миқдор 8,9 минг рублни ташкил этади, деди Собянин.
Унинг сўзларига кўра, бу иш берувчиларнинг мигрантлар ва Россия фуқароларига сарфлайдиган харажатларини тенглаштиради. Шунингдек, мигрантлар давлат фуқароларига қараганда арзонга тушмаслигини ҳам қайд этган.