АҚШда 3 нафар фарзандини ўлдиришда гумонланаётган шахс қидирувга берилди
АҚШнинг Вашингтон штатида собиқ ҳарбий Травис Декер уч нафар қизи — 9 ёшли Паитйн, 8 ёшли Эвелйн ва 5 ёшли Оливиа Декерларни ўлдиришда гумонланмоқда. Бу ҳақда People.com хабар берди.
Уларнинг жасадлари 2 июнь куни Rock Island лагери яқинида топилган.
Қайд қилинишича, қизлар 30 май куни отаси билан учрашувда бўлган, бироқ вақти тугагач қайтмаган. 31 май куни бедарак йўқолган деб эълон қилинган. Полиция лагерь яқинидан Декернинг машинасини топган, ичидан қон излари ва болаларга тегишли буюмлар аниқланган.
Суд ҳужжатларида у жиноятдан олдин бир неча ой давомида тобора беқарор ва хавотирли хатти-ҳаракатлар намоён этгани келтирилган.
Хабарга кўра, Травис Декерга нисбатан учта биринчи даражали қотиллик, одам ўғирлаш ва васийлик ҳуқуқини бузиш бўйича айбловлар қўйилган. У ҳозиргача қидирувда, қуролланган бўлиши мумкин.
Шунингдек, қизларнинг онаси учун дўстлари GoFundMe саҳифаси орқали ёрдам жамғармаси очган. Унда $400 мингга яқин маблағ йиғилган.
Полиция Декер ҳақида маълумотга эга фуқаролардан дарҳол хабар беришни сўрамоқда.