Россия рус тилини билмайдиган мигрант болаларга мактабга киришни тақиқлаш лойиҳасини эълон қилди

Россия Давлат думасига мигрант болаларни рус тилини билишини тасдиқловчи ҳужжатсиз мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилди. Ҳужжат Россия парламенти қуйи палатаси сайтида эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси билан «Россия Федерациясида таълим тўғрисида»ги федерал қонунга ўзгартиришлар киритилади. Ўзгартиришлар хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандлари мактабга киришда таълим олиш учун етарли даражада рус тилини билиш бўйича тест синовидан ўтишлари шарт эканини назарда тутади. Тестдан ўта олмаганлар ўқишга қўйилмайди.

Ҳужжатда қайд этилишича, синов тартиби ва унинг мезонлари Россия Таълим вазирлиги ва Рособрнадзор томонидан белгиланиши керак. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида тест синовлари бепул амалга оширилиши назарда тутилган.

Лойиҳа муаллифлари ушбу қонун «таълим сифати бўйича давлат кафолатларини амалга ошириш», шунингдек, «таълим жараёнидаги барча иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини уйғунлаштириш» учун зарур эканлигини тушунтирди.

Жаҳон