Ўзбекистонда маймунчечак инфекцияси аниқландими?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистонда маймунчечак инфекцияси қайд этилмаганини маълум қилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков ушбу касаллик дунёнинг 14 та давлатида аниқланганин айтди.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маъуломотларига кўра, касаллик ҳозиргача 14 та давлатда қайд этилган. Хусусан, инфекцияни юқтирганлар сони 90 нафарга яқинлашгани айтиляпти. Қолаверса, қарийб 30 киши касалликка чалинганликда гумонланмоқда. Қолаверса, шу кунгача ўлим ҳолатлари рўйхатга олинмади.
Аслида, бу хасталик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Яъни илк бор у бундан 52 йил аввал Конгода аниқланган. Касалликнинг алоҳида ҳолатлари Марказий ва Ғарбий Африка мамлакатларида кузатилган.
Биздаги маълумотларга кўра, маймун чечаги деярли барча ҳолатларда ҳайвонлардан одамга юқади. Асосан эндемик ҳудудларга сафар қилган ва жониворлар билан мулоқотда бўлган кишиларда тасдиқланиши мумкин.
Дунё бўйлаб касалликнинг қайта авж олиши 7 май санасидан бошланди. Шу куни Буюк Британияга Нигериядан қайтган сайёҳда мазкур инфекция аниқланди. Унда касаллик белгилари терида тошмалар тошиши билан намоён бўлган. Шундан сўнг ушбу мамлакатда ўнга яқин беморлар маймун чечагига чалингани маълум бўлди», — дейди Отабеков Нурмат.
Қўшимча қилинишича, Ўзбкистонда ҳозирга қадар маймунчечак касаллиги қайд этилмаган. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг мамлакатга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда.