Ўзбекистонда ярим йилда яшаш ва овқатланиш хизматлари 13,9 фоизга ошди
Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботида Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари қанчага ошгани маълум қилинди.
Молия вазири Темур Ишметовнинг айтишича, ҳисобот даврида хизмат турлари бўйича ўсиш даражаларининг динамикасига кўра, молиявий хизматлар 28,8 фоиз, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 21,3 фоиз, яшаш ва овқатланиш хизматлари 13,9 фоиз, транспорт хизматлари 11,2 фоиз, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 8,8 фоизга ошган.
Шунингдек, олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 32,4 фоизга ўсиб, 24,5 миллиард долларни, инфляция даражаси йил бошига нисбатан 6,5 фоизни ташкил этган.