Самарқандда Қуролли Кучлар хизматчиси, солиқ ва кадастр ходимлари пора билан ушланди

Самарқандда ўтказилган тезкор тадбир доирасида солиқ инспектори, мудофаа ишлари бўлим мудири, Миллий гвардия ходими ва кадастрлар палатаси муҳандиси пора билан қўлга олинди. Бу ҳақида UzA хабар бермоқда.

Каттақўрғон тумани солиқ инспекцияси инспектори, 1981 йилда туғилган М.Р. мазкур туманда яшовчи маҳаллий фуқаронинг 11 миллион 500 минг сўм миқдоридаги солиқ қарзини электрон базадан ўчириш ва қарздорлик тўланганлиги хусусида сохта ҳужжат расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан талаб қилинган 6 миллион сўм пулни олаётган вақтида ашёв даллар блан қўлга олинди.

Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими сафарбарлик чақирув резерви бўлинмаси бошлиғи, Қуролли Кучлар хизматчиси, 1972 йилда туғилган С.И. ва унинг ёрдамчиси, 1991 йилда туғилган Ф.Э. ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда Самарқанд шаҳрида яшовчи маҳаллий фуқаронинг АҚШга ишлаш учун кетган ўғлига сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизматни ўтаганлиги хусусида сохта ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган. Улар келишилган маблағни олаётган вақтда қўлга тушди.

Порахўрлик билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар Пахтачи ва Нарпай туманларида қайд этилди. Жумладан, Миллий гвардия Пахтачи туманлараро қўриқлаш бўлими ходими, 1998 йилда туғилган сафдор Ш.А. маҳаллий фуқарога Пахтачи туманида жойлашган “Қорақўтон олтин кони” ҳудудидаги 25-сонли шахтадан таркибида олтин моддаси бўлган тошларни қазиб олишга шароит яратиб бериш эвазига 8 миллион сўм ва 600 АҚШ доллари талаб қилиб, келишилган пулдан қолган 600 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Кадастрлар палатаси Нарпай туман филиали мухандиси, 1998 йилда туғилган, С.Ш. эса маҳаллий фуқаронинг яқин қариндоши номидаги турар жойга кадастр ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 700 АҚШ доллари талаб қилиб, бу пулни олган вақтда қилмиши фош этилди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд