Самарқандда давлат захирасидаги 2 гектар ерни 100 млн га сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ер майдонлари олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўшработ туманида фуқаро М.И. фуқаро У.Т.нинг ишончига кириб, «Ота» МФЙ ҳудудидаги давлат захирасидаги 2 гектар ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, ер майдонини 100 млн сўмга сотишга келишган. 

У ҳужжатларни кейинчалик расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, 100 млн сўм пулни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида фуқаро Ш.А. фуқаро Ж.Р.га Вобкент тумани «Латиф Собунгар» МФЙ ҳудудидаги 6 нафар фуқарога деҳқон хўжалиги юритиши учун ажратилган 60 сотих ер майдонини гўёки ўзи раҳбарлик қилаётган “Ш.Ў.”фермер хўжалигига тегишли эканлигини айтган. 

У ер майдонини гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 90 млн сўм пулни олган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Самарқанд