Самарқандда ноқонуний дори воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди
Самарқанд вилояти, Булунғур туманида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотиш билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, муқаддам судланган Ф.С. исмли фуқаро Д.Б. билан тил бириктириб, 210 дона «Зардекс» номли дорини 6 миллион сўмга сотаётган вақтида ушланган.
Бундан ташқари, яна бир муқаддам судланган фуқаро Ф.А. 500 дона «Зардекс» номли дорини Д.Б.га сотаётганида қўлга тушган. Шунингдек, унинг хонадонидан 60 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси бўйича иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.