Самарқандда ўрмон ёнғини натижасида табиатга қарийб 1,9 млрд сўм зарар етказилди
Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 50 мингдан ортиқ дарахт ва буталар ёнғиндан шикастланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалиги ўрмон фонди ҳудудининг маълум қисми ёқиб юборилганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган. Масъуллар ўрмон хўжалиги ҳудудининг 10,5 гектар майдонида ёнғин бўлгани ва натижада 7,4 гектар ер майдони зарар кўрганини аниқлаган.
Маълум бўлишича, ёнғин оқибатида 116 туп жийда, 5 туп тол ва 49 580 туп юлғун буталари шикастланган. Табиатга етказилган зарар эса 1 млрд 884 млн 675 минг сўмни ташкил этган.
Ёнғин билан боғлиқ ҳолатда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» ҳамда «Ўрмон тўғрисида»ги қонунларнинг бир қатор моддалари бузилгани аниқланган.
Ҳужжатлар ҳолатга қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилган.