Самарқандда табиатга 137 млрд сўмлик зарар етказилди

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидан оқиб ўтувчи Оқдарё дарёси муҳофаза этиладиган ҳудудида М.Т. фермер хўжалиги вакиллари томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз қум-шағал аралашмаси қазиб олингани аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотига кўра, ноқонуний фаолият натижасида атроф-муҳитга 137,472 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Ҳозирда экскаватор ва иккита юк машинаси жарима майдонига жойлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар эса ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага топширилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига кўра, 2024 йил 1 майдан бошлаб йирик дарёларда норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилиб, қоидабузарлик учун жавобгарлик ҳам кучайтирилганди.

 

Самарқанд