Самарқанд шаҳрининг чегараси ўзгаради
Бугун, 14 январь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Бу қарор шаҳарни ободонлаштириш, туризм салоҳиятини ривожлантириш ва инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинди.
Президент қарорига асосан, 2023 – 2030 йилларда «Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази ва тураржойлар комплекси барпо этилади. Шу муносабат билан Самарқанд туманидан 170 гектар, Оқдарё туманидан эса 243 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилади.
Янги ҳудудда 254 та кўп қаватли уй-жой, 19 та бизнес маркази, 50 та ижтимоий объект, 89 та савдо-кўнгилочар мажмуа ҳамда тарихий шаҳарча қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 112 км йўл, 6 км ерусти метро йўли, кўприклар, тоннеллар ва бошқа инфратузилмалар барпо этилади.
Депутатларнинг фикрича, киритилаётган ўзгартишлар келгусида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга хизмат қилади.