Сенаторлар Самарқанд шаҳри кенгайтирилишига розилик билдирди

Сенаторлар Самарқанд вилоятининг қатор туман ва шаҳарлари чегараларини ўзгартиришга розилик билдирди, деб хабар бермоқда парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

 22 февралдаги ялпи мажлисда парламент юқори палатаси аъзолари томонидан Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди ва муҳокама сўнггида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенаторлар кўриб чиққан масалада Самарқанд вилояти Оқдарё туманидан 243 гектар, Самарқанд туманидан 170 гектар, жами 413 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда. Натижада амалдаги 252 гектардан иборат «Ширин» мавзеси ҳудуди кенгайтирилиб, жами 665 гектар майдонни ташкил этади.

Муҳокамалар жараёнида тасдиқланган мастер режа бўйича ҳудудда 180 минг аҳолига мўлжалланган жами 60 мингта хонадондан иборат 254 та кўп қаватли уйлар, 45 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши маълум қилинди. Мазкур «Ширин» шаҳарчасида қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари аниқ режалаштирилган ва  қурилиш ишлари 3 та босқичда олиб борилади. 

«Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази тўлиқ барпо этилиши натижасида турли соҳаларда 50 мингга яқин аҳоли учун янги иш ўринлари яратилади.

Сенаторларнинг фикрига кўра, вилоятдаги чегараларнинг ўзгартирилиши Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш ва энг асосийси аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Қарорлар