Ўзбекистонда йирик савдо тармоқлари Рамазон ойида нархларни оширмаслик тўғрисида огоҳлантирилди
Рақобат қўмитаси йирик савдо тармоқлари ва республика ҳудудлардаги савдо комплексларини Рамазон ойида нархлари барқарорлигини таъминлаш тўғрисида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Шавкат Мирзиёев саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик рамзи бўлган Рамазон кунларида ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини таъкидлаб, тегишли топшириқлар берган эди.
Юқоридагилар ижроси юзасидан, Рақобат қўмитаси томонидан йирик савдо тармоқлари ва республика ҳудудлардаги савдо комплексларини Рамазон ойи арафасида кескин талаб ошадиган ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича огоҳлантирилди.
Шунингдек, чакана савдо тармоқлари ва ҳудудлардаги савдо комплексларига етказиб берувчи корхоналар томонидан нархларни ўзгартириши, логистика харажатлари ва бошқа нархнинг ошишига олиб келиши мумкин бўлган омиллар тўғрисида Қўмитани тезкор хабардор қилиб бориш, ҳамда етказиб берувчиларни асоссиз нархларни оширишга йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантириб боришлари бўйича кўрсатмалар юборилди.





