Электрон рецепт тизими бўйича «Сall-марказ» ташкил этилди

Фуқароларнинг электрон рецепт тизими бўйича мурожаатларини қабул қилувчи «Call-марказ» ишга тушди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман(шаҳар)да дори воситаларининг электрон рецепт асосида берилиши амалиёти йўлга қўйилгани жамоатчиликда турли саволларни юзага келтириб чиқарган.

Бу борада аҳоли мурожаатлари ва саволларига тезкор жавоб бериш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 қисқа рақамли «Ишонч телефони» базасида мунтазам фаолият юритувчи 1003 қисқа рақамли «Сall-марказ» ташкил этилди, — дейилади хабарда.

Фуқаролар мазкур алоқа линияси орқали малакали мутахассислардан Тошкент шаҳри ва тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман(шаҳар)да «Электрон рецепт» тизими амалиёти бўйича юзага келган саволлари ва мурожаатларига туну кун жавоб олишлари мумкин.

Аввалроқ вазирлик янги тизим бўйича дори воситаларини олиш ва беришда юзага келаётган муаммолар бўйича мурожаатларни ҳам қабул қилувчи Telegram-ботни ишга туширган эди.

Ўзбекистон