Тошкентдаги Бродвей номи билан танилган Сайилгоҳ кўчаси ривожлантирилади
Тошкентдаги Бродвей номи билан машҳур Сайилгоҳ кўчаси ва унга туташ хиёбон комплекс тарзда ривожлантирилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент Бродвейи — Сайилгоҳ кўчаси пойтахтнинг энг таниқли сайргоҳларидан бири бўлиб, бу ерда тарихан рассомлар, мусиқачилар, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари иштирокида фаол кўча ҳаёти шаклланган.
Шу сабабли, ҳудуддаги пиёдалар оқимининг тиғизлиги ва унинг алоҳида аҳамияти уни янада ривожлантириш учун замонавий, барқарор ва эҳтиёткорона ечимларни талаб қилади. Жорий ҳолат таҳлили нафақат пиёдалар ҳудудининг ўзини, балки унга туташ жойларни ҳам яъни хиёбон, яшил майдонлар, ўтиш йўлаклари, ёритиш, ирригация, хавфсизлик ва ташқи қиёфани босқичма-босқич, комплекс янгилаш зарурлигини кўрсатган.
Лойиҳа Ягона дизайн-код ва ҳудудни комплекс ривожлантириш тамойилларига асосланган. Тайёргарлик жараёнида аҳоли ва профессионал ҳамжамият таклифлари ўрганиб чиқилади.
Таъкидланишича, ҳудуд очиқ шаҳар муҳити хусусиятини сақлаб қолади. Кўча рассомлари ва ижодий жамоатчилик вакиллари ушбу маконнинг бир қисми бўлиб қолаверади.
Лойиҳанинг вазифаси жонли шаҳар фаоллигини йўқотиш эмас, балки уни тартибга солиш, муҳитни қулай, ҳаммабоп ва хавфсиз қилишдир. Бугунги кунда ҳудуд янгиланишга муҳтож: айрим жойларда қопламалар яроқсиз ҳолга келган, пиёдалар йўналишлари ҳар доим ҳам қулай эмас, тўсиқсиз муҳитни ривожлантириш, ободонлаштириш унсурларини янгилаш, конструкциялар, ташқи кўриниш ва айрим фаолият турларини санитария, савдо ва шаҳарсозлик талабларига мувофиқ тартибга келтириш зарур, — дейилади хабарда.
Ҳозирда, мавжуд дарахтлар кўрикдан ўтказилаётгани ва 1000 тупдан кам бўлмаган дарахт, бута ва манзарали ўсимликлар каби янги кўчатларни экиш режалаштирилгани билдирилди.




