Олий Мажлис телекоммуникациялар ҳақидаги қонунни маъқуллади

Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қонунда телекоммуникация бозорини тартибга солувчи регулятор ва ушбу бозорни ривожлантириш сиёсатини олиб борувчи давлат органларининг вазифалари белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, Жаҳон савдо ташкилотига кириш ва аъзолик шартларига мувофиқ, телекоммуникация бозорида регуляторлар (тартибга солувчи орган) ҳар қандай асосий телекоммуникация хизматларини етказиб берувчилардан мустақил бўлиб, унинг қарорлари барча иштирокчилар учун тенг ва мажбурий бўлиши белгилаб берилмоқда.

Жумладан, ушбу соҳани тартибга солишга масъул бўлган, шунингдек, молиявий, тузилмавий ва қарор қабул қилишда мустақил юридик шахслар тартибга солувчи орган (регулятор) сифатида фаолият юритиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.

Қонун билан тартибга солувчи органга қуйидаги ваколотлар берилмоқда:

— юридик шахсларнинг телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш;
табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатда телекоммуникация инфратузилмаларини белгиланган тартибда чеклаш ёки тўхтатиб туриш;
— телекоммуникациялар тармоқларини ва телекоммуникациялар иншоотларини қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш;
— телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш тизимини ишлаб чиқиш ва режасини амалга ошириб фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;
— Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг манзил майдонидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш
ва тасдиқлаш;
— кўрсатилаётган телекоммуникациялар хизматларининг меъёрларга мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга ошириш каби ваколатлар шулар жумласидан.

Шунингдек, тартибга солувчи органнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий этиб белгилаб қўйилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, президентга юборилди.

Қарорлар