Шароф-Рашидов туманининг собиқ ҳокимига ҳукм чиқарилди
2025-йил июль ойида йирик миқдорда пора олаётганликда гумонланиб ҳибсга олинган Жиззах вилояти Шараф-Рашидов тумани собиқ ҳокимига нисбатан ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Ҳукм жорий йилнинг 25 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судида эълон қилинди.
Унга кўра, М. Х. (Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «б», «в», «г» бандлари, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми «а» банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а» бандида ва Н. И. (Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бош мутахассиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,210-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суднинг ҳукми билан М. Х.га 3 йил ҳокимият ва давлат бошқарув органларида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 150 баравари миқдорида жарима жазоси ҳамда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, Н. И.га 2 йил ҳокимият ва давлат бошқарув органларида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланувчилар тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги билдирилди.


