Ўзбекистонда ер, мол-мулк ва сув солиқларини ундириш бўйича янги механизм ишлаб чиқилади
Шавкат Мирзиёев видеоселекторда маҳаллий бюджетга ер, мол-мулк ва сув солиқларини ундириш тизимини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
У бу солиқларни маҳаллада ундириш учун янги механизм ишлаб чиқишни мутасаддиларга топширди.
Йиғилишда маълум қилинишича, 2025 йил бошидан буён бюджет тушумлари 26% га ошган бўлса-да, Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида бу кўрсаткич ўртача даражага етмаган.
Президент солиқчилар вақти ва ресурсларининг катта қисми солиқларни уйма-уй юриб ундиришга сарфланаётганини танқид қилди. Унга кўра, бу ҳолат ресурслардан самарасиз фойдаланишга олиб келaётгани, cолиқ тўлаш фуқароларнинг конституциявий бурчи экани тушунтирилса, солиқларни одамларни ўзи тўлаб қўйиши айтилди.
Йиғилишда бандлик режасини тўлиқ бажармаган 15 та туман ҳокими огоҳлантирилди. Улар уч ой ичида кўрсаткични бажармаса, лавозимидан озод этилиши мумкин.
Шунингдек, халқ қабулхоналарининг барча ходимлари алмаштирилиши, уларнинг ўрнига масалаларни ҳал қила оладиган фидойи кадрлар жалб этилиши билдирилди.
Давлат раҳбари суюлтирилган газ таъминотидаги муаммоларга ҳам тўхталиб, бу борада жавобгар раҳбарларга сўнгги огоҳлантириш берди.
Йиғилиш давомида ҳоким ва вазирларга топшириқ кутмасдан, ўз ташаббуси билан фаолият юритиш зарурлиги эслатиб ўтилди.