Тошкент метросининг станцияларидан бири 50 кунга ёпилади
Мутахассислар реконструкция ишларини олиб боришади

Тошкентдаги «Чинор» метро бекатида реконструкция ишлари олиб борилади, деб хабар беради пойтахт метрополитени матбуот хизмати.
Лойиҳа доирасида бекатнинг кириш ва чиқиш қисмлари кенгайтирилади, аҳолининг барча қатламлари, жумладан, ёши улуғ фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда болали оилалар учун 4 та катта сиғимли замонавий лифт ўрнатилади.
Шунингдек, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида қўшимча 12 та турникет ўрнатилиши режалаштирилган.
Реконструкция ишларини хавфсиз ва сифатли амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 13-июн санасидан бошлаб «Чинор» метро бекати 50 кун муддатга вақтинча йўловчилар учун ёпилади, — дейилади хабарда.
Йўловчиларга ноқулайлик туғдирмаслик ҳамда транспорт қатновининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида «Чинор» ва «Янгиҳаёт» метро бекатлари ўртасида, бир бекат масофасида махсус метробуслар қатнови йўлга қўйилади. Метробуслар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланиб, йўловчиларнинг манзилларига ўз вақтида етиб боришларига хизмат қилади.




