Пенсия, нафақа, иш ҳақи ва стипендиялар 10% га оширилади
Ўзбекистонда 1 июлдан пенсия ва нафақалар, 1 августдан иш ҳақи ҳамда стипендиялар 10% га оширилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, президентнинг тегишли фармони 2 июнь куни имзоланган.
Ҳужжатга кўра:
• 1 июлдан ёшга доир энг кам пенсия 918 минг сўм, ногиронлик пенсияси 1,012 млн сўм;
• кам таъминланган оилаларга бериладиган болалар нафақаси 3 ёшгача — 360 минг сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача — 275 минг сўм, иккинчи фарзанд учун қўшимча — 165 минг сўм, учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун — 110 минг сўм;
• кам таъминланган оилаларга ажратиладиган моддий ёрдам — 420 минг сўм этиб белгиланади.
Шунингдек, 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи ва талабалар стипендияси миқдори 10% га оширилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1,271 минг сўм бўлади.
Молиявий таъминот Давлат бюджети ва Пенсия жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Фармонда, хусусий секторда ҳам иш ҳақларини энг кам миқдордан кам бўлмаган миқдорда белгилаш тавсия этилган.