Мубашшир Аҳмад иши бўйича суд мажлиси учинчи марта қолдирилди
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида, «Azon Global» портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг 2 октябр куни бўлиши керак бўлган суд мажлиси қолдирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумотига таяниб Kun.uz хабар берди.
Суд мажлисининг қолдирилишига сабаб, мазкур ишни кўраётган судья Бобур Раҳимовнинг саломатлиги ёмонлашгани деб билдирилган. Азиз Обидовнинг маълум қилишича, судья 8 октябр куни ишга қайтади ва суд мажлиси давом эттирилади.
Маълумот учун, бу Турсуновнинг иши бўйича суд мажлисининг учинчи марта қолдирилиши.
Эслатиб ўтамиз, Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев уни Жиноят кодексининг учта моддаси билан, 7 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилган эди.
Суд мажлисида прокурор судланувчини Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбдор деб топишни сўради:
• 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан;
• 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда;
• Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми билан.