Бухоро давлат университетида 222 млн сўмдан ортиқ маблағ мақсадсиз сарфлангани маълум бўлди
АОКАда 15 ноябрь, душанба куни ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова Бухоро вилоятидаги университетларда кузатилган коррупциявий ҳолатлар бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, агентлик ходими брифинг давомида олий ва ўрта махсус таълим соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берган. Хусусан, Бухоро давлат университетида 222 миллион сўмдан зиёд маблағ мақсадсиз сарфланганини таъкидлаган.
«Бухоро давлат университетида 348 миллион сўмлик моддий бойлик қиммат нархда харид қилинган, 222 миллион сўмдан зиёд маблағ эса мақсадсиз сарфланган. 246 миллион сўмдан ортиқ шартномада кўрсатилмаган жиҳозлар сотиб олинган. Қурилиш танловини ўтказишда 20 миллард сўмлик танловда давлат харидларига оид қонун талабига риоя этилмаган», — деди Дурдона Очилова.
Унинг сўзларига кўра, Бухоро муҳандислик-технология институтида ҳам магистрантларга 13,5 миллион сўмдан ортиқ стипендия ортиқча тўланган. Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институтида 137 миллион сўмга яқин стипендия, иш ҳақи ва бошқа тўловлар ноқонуний тўланган ҳамда ходимларни рағбатлантиришда ижтимоий адолат ва тенглик принциплари бузилган. Ушбу таълим муассасасида ходимларни моддий рағбатлантиришда ҳам адолат тамойиллари бузилгани аниқланган.
Шу билан бирга, инновация соҳасига алоқаси бўлмаган техник ходим инновация соҳаси бўйича рағбатлантирилган ҳамда институт академик лицей биносини таъмирлаш бўйича берилган 27 миллиард сўмдан зиёд эълон ўрганилганда қурилиш ишлари аслида тугатилгани маълум бўлган.