ССВ тизимидаги клиникалардан бирида 600 млн сўмга яқин пул талон-торож қилингани маълум бўлди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази кўп тармоқли клиникасида 600 миллион сўмга яқин пул талон-торож қилингани маълум бўлди.
Маълум бўлишича, агентлик клиникада бюджет маблағларининг фойдаланилиши, қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатлари ва тизимда юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий хавф-хатарнинг олдини олиш масаласи бўйича ўрганиш ўтказган. Ўрганишлар соғлиқни сақлаш тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасининг ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган.
Унда клиника мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз сарф қилиниши, ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳолатлари, аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақи тўлаб келиниши, тиббиёт техникаларидан фойдаланиш, пуллик тиббий хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, давлат харидларини амалга оширишда бир қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Айтилишича, ўтказилган ўрганиш якуни бўйича клиника фаолиятида жами 9 миллиард 747 миллион 598 минг сўмлик молиявий хато ва камчилик аниқланган. Шундан 586 миллион 798 минг 200 сўмлик бюджет маблағи растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани маълум бўлган. Мавжуд аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган.
Агентлик томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.