Жиззахда 75 туп дарахтнинг таги бетонлаб ташланди
Жиззах вилояти Мирзачўл туманида йўл четига экилган 75 туп дарахтнинг таги бетонлаб ташлангани ҳақидаги хабардан сўнг Давлат экология қўмитаси ҳолат бўйича муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан мазкур ҳолат ўрганилганда ҳақиқатан ҳам туманнинг Гагарин шаҳарчаси Дўстлик МФЙ Халқлар дўстлиги кўчасининг икки томонига экилган 75 туп дарахт атрофи йўлак қуриш ишлари давомида бетонлаб юборилгани аниқланган. Дарахтларнинг барчаси: 38 туп арча, 7 туп ясень, 1 туп тут, 1 туп акация, 1 туп гилос, 4 туп қайрағоч, 7 туп эльдор қарағайи, 12 туп айлант дарахтларининг тагидаги бетонлар бузиб олинган ва дарахтларнинг таги юмшатилиб, парвариш қилинган.