Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2 млрд долларга ошди

Марказий банк маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ҳажми 2021 йилнинг бошига нисбатан 6 фоизга ёки 2 миллиард долларга ошгани ҳолда 2021 йил 1 июль ҳолатига кўра, 35,9 миллиард долларни (2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 33,8 миллиард доллар) ташкил қилмоқда.

Маълум қилинишича, йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 3 фоизга ёки 627,9 миллион долларга ўсиб 22 миллиард долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 11 фоизга ёки 1,4 миллиард долларга ўсиб 13,9 миллиард долларни ташкил этган. Шунингдек, 2021 йилнинг биринчи ярмида давлат ташқи қарзи бўйича 353,4 миллион доллар миқдордаги асосий қарз ва 206,5 миллион доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.

Хусусий ташқи қарз тўловлари эса асосий қарз бўйича 1,6 миллиард доллар ва фоиз тўловлари бўйича 238,8 миллион долларни ташкил қилган.

Бунда асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг энг катта қисмини банклар, нефт-газ ва энергетика соҳасидаги корхоналар амалга оширган.

Янгиликлар