Instagram бирданига 4 функцияни ишга туширади
Instagram октябрь ойида бир нечта янги функцияларни ишга туширади.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига 19 октябрдан қўшма постларни эълон қилиш функцияси тақдим этилган. Бундай постлар учун изоҳ, кўришлар ва «лайк»лар сони бир хил бўлади. 20 октябрдан нотижорат ташкилотларга хайрия пулларини йиғиш имконини берувчи функция иш бошлаган.
Қайд этилишича, 21 октябрдан барча фойдаланувчилар компьютер орқали исталган платформа — Mac ёки Linux’да сурат ва бир дақиқадан ошмайдиган видеоларни эълон қилиши мумкин бўлади. Instagram бу функцияни 2021 йилнинг июль ойида синовдан ўтказган. Шунингдек, 21 октябрда Reels’да ҳам янги функция ишга тушади, унда қўшиқларнинг 3D матни жойлаштирилади.
Маълумот ўрнида, октябрь ойининг бошида Instagram 60 дақиқагача бўлган видеоларни ижтимоий тармоқларнинг асосий каналида чоп этишга рухсат берган ва IGTV иловасини Instagram ТV деб ўзгартирган. Ижтимоий тармоқ матбуот котиби «The Verge» нашрига берган интервьюсида Instagram ТV деб ўзгартирилган IGTV иловаси «видео томоша қилмоқчи бўлганлар учун жой» бўлиб қолишини айтган. Instagram ТV турли форматдаги видеоларни бирлаштиради, улар профилдаги битта саҳифада кўрсатилади.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ 2021 йилнинг июнь ойида яна бир муҳим янгиланишни амалга оширган ва янги видео формати Reels’ни ишга туширганди. У орқали ТikTok фойдаланувчиларининг видеоларига ўхшаш қисқа видеолар тайёрлаш мумкин.