Ис газидан заҳарланган беморга қандай ёрдам кўрсатилади?

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов ис гази хавфининг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш ва бу газдан заҳарланганда биринчи тиббий ёрдам қандай кўрсатилишига доир саволларга жавоб берди.

Мутахассисга кўра, ис газидан заҳарланган инсонга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш лозим. Боиси озгина эътиборсизлик беморда ортга қайтмас салбий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, жабрланувчини имкон қадар тезроқ тоза ҳавога олиб чиқиш, нафас олишини енгиллаштириш — нафас йўлларини тозалаш, кийимларини ечиш, тилни орқага кетиб қолишини олдини олиш учун беморни ёнбошлаб ётқизиш зарурлиги таъкидланган.

«Шунингдек, нафасни стимуллаш, кўкрак қафасини артиш, оёқ ва қўлларни иситиш, энг асосийси, тез тиббий ёрдам чақириш лозим. Ҳатто бемор кўринишидан қониқарли аҳволда бўлса ҳам, шифокор кўригидан ўтиши шарт. Сабаби ҳар доим ҳам касаллик белгиларига асосланиб ҳақиқий заҳарланиш даражасини аниқлаб бўлмайди», — дейди Дониёр Алимов.

Бундан ташқари, заҳарланишда ўз вақтида бошланган даволаш муолажаси асоратлар ва ўлим хавфини камайишига ижобий ёрдам бериши маълум қилинган. Шифокорнинг айтишича, оғир даража заҳарланиш ҳолатларида жабрланувчига реанимацион чора-тадбирлар ўтказилади, тиббиёт ходимлари келгунига қадар оғиздан оғизга нафас, юрак ёпиқ массажи олиб борилади.

Таъкидланишича, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун энг аввало аҳоли хонадонларида ишлатиладиган иситиш печларининг дудбурон қопқоғи, ёрилган жойлари, ўтказувчанлиги ва шамоллатиш тизими созлигини ўз вақтида текшириб туриш лозим. Шу билан бирга, иситиш учун қўлбола, сертификатланмаган мосламалардан фойдаланмаслик, газ плитаси, носоз газ колонкаси билан яшаш уйини иситмаслик зарур. Агар бино ичида газ ҳиди пайдо бўлса, дарҳол туман газ идораси ходимларига мурожаат қилиш лозим.

Янгиликлар