Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти корхоналарига бир кунда қанча маблағ тушиши маълум бўлди
АОКАда 16 декабрь, пайшанба куни уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов иштирокида ўтказилган брифингда Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти корхоналарига бир кунда қанча маблағ тушиши маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2021 йил иситиш мавсуми 15 октябрдан бошланган бўлиб, тизимда сўнгги 2 ой давомида жами 27 та авария содир бўлган. Булардан 7 таси кўп қаватли уйларнинг ички тизимида, 7 таси иссиқлик тармоқларида, 3 таси табиий газ таъминоти босимининг пасайиши ва 10 таси электр энергияси таъминоти узилиши натижасида содир бўлган.
«Иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан бир кунда 3,0 миллиард сўмлик иссиқлик энергияси етқазиб берилмоқда ва бир кунлик тушум 1,4 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Маълумот учун, аҳоли 1 квадрат метр иситиладиган майдон учун ўртача 150 сўм тўлайди», — деди
Шунингдек, унинг айтишича, Орол бўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Хоразм вилоятида 78 та кўп қаватли уй ва 25 та ижтимоий соҳа объекти иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида 2021 йил учун 34 миллиард сўм ажратилган. Натижада 11 та объектда, яъни 10 та қозонхона ва жами 11 километр иссиқлик тармоқларида модернизация ва реконструкция қилиш ишлари 95 фоизга бажарилган.