Ўзбекистонда мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғини бекор қилиш кечиктирилди
Ўзбекистон ҳукумати 2023 йилдан мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғини бекор қилмайди.
Президентнинг 2021 йил 10 февралдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини янада ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 10-бандида Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 2022 йил 1 январдан 10 фоиз этиб белгиланиши ва 2023 йил 1 январдан бошлаб уяли алоқа хизматларига акциз солиғи солинмаслиги тўғрисидаги таклифи маъқулланиши қайд этилган.
Ушбу имтиёзнинг амал қилиш муддати 1 йилга кечиктирилди ва тез орада Президент қарорига тегишли ўзгартиш киритилиши мумкин. Аммо манбада мазкур ўзгартириш сабаби келтирилмаган.
Маълумот учун, Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2022 йил учун бюджетноманинг 3.2 бандида 2023 йил 1 январдан бошлаб мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкасини 15 фоиздан 10 фоизга пасайтириш кўзда тутилган. 2020 йилда Ўзбекистонда уяли алоқа компаниялари сони 5 тага етганди.