Наманганда ноқонуний диний таълим берган ота-болага чора кўрилди

Наманган вилоятида яшаш уйида 10 дан ортиқ вояга етмаган болага рухсатномасиз диний таълим берган ота-болага нисбатан чора кўрилди.

Маълум қилинишича, 29 октябрь куни Наманган шаҳар Меҳрибонлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 41-сонли умумтаълим мактаби биносида жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилган. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241–моддасида (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган ота-болага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг ноябрь ойидан 2021 йилнинг сентябрига қадар Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро И.А. ва унинг ўғли И.А. яшаш хонадонида 10 дан ортиқ вояга етмаган болага тегишли рухсатномасиз ноқонуний диний таълим бериб келгани аниқланган.

Шундан сўнг суриштирув органи томонидан ота-бола ҳаракати юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқиш учун судга тақдим қилинган.

Сайёр суд мажлисида ҳуқуқбузар ота-бола қилган ишининг нотўғри экани, махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимдан сабоқ бериб ҳуқуқбузарлик содир этганини, қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди раиси Бахтиёр Таваккалов ишни атрофлича кўриб чиқиб, ота-болага тегишли тартибда жарима жазоси тайинлаган.

Янгиликлар