Коронавируснинг «омикрон» штами пандемияни тугатиши мумкин
Россиялик вирусолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Н.Ф.Гамалея номидаги миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази бош ходими Анатолий Альтштейнга таяниб, коронавируснинг «омикрон» штами тарқалиши пандемия тугашига олиб келиши мумкинлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда олимларда мавжуд бўлган маълумотлар кўп ҳолларда «омикрон» касалликнинг оғир кечишига олиб келмаслигини кўрсатмоқда.
«Штам Янги йилгача дунё бўйлаб тарқалишга улгурмайди. Масалан, ‘дельта’ 2020 йилнинг кузида пайдо бўлган ва тахминан 2021 йилнинг май–июль ойида тарқалган, яъни вирусга тарқалиш учун 6 ой керак бўлган», — дейди вирусолог.
Мутахассиснинг таъкидлашича, «омикрон» штамининг қизиқарли хусусияти бор: у асосий оқсилида 32 та мутацияси бор беқарор геномга эга, яъни у осон мутацияга учрайди. Агар у беқарор геномга эга бўлса, биринчи навбатда, унинг хавфлилик даражаси пасаяди.
«Ҳозиргача 100 кишида ушбу штам топилди. Барча беморларда касаллик енгил кечмоқда, ўлим ҳолати қайд этилмаган. Тўғри, келажак менинг фаразимни ўзгартириши мумкин, чунки ҳозир вирус кексаларга етиб бормаган бўлиши мумкин. Агар шундай бўладиган бўлса, хулоса ўзгариши мумкин», — дея тушунтирган вирусолог.
Унинг фикрича, штамнинг юқумлилик даражасини вақт ўтиши билан баҳолаш мумкин, аммо «омикрон»нинг пайдо бўлиши пандемиянинг тугашига олиб келиши эҳтимоли бор.
«Унинг бутун дунё бўйлаб тарқаладиган даражада юқумли экани маълум бўлса ҳам, у ҳозиргидан кўра енгилроқ, эҳтимол ундан ҳам енгилроқ бўлади. ‘Дельта’ йўқолади, ‘омикронʼ эса унинг ўрнига келиши мумкин, аммо бу унчалик хавфли бўлмаган эпидемия бўлади. Юқумлилик даражаси пасаяди. Агар ўша пайтда коронавирусдан ўлим даражасини грипп билан таққослай олиш мумкин бўлса, биз пандемия тугаган деб тахмин қила оламиз. Пандемия ‘омикронʼ билан тугаш имкониятига эга», — дея хулоса қилган Анатолий Альтштейн.