Тошкентда қурилиш майдонидан артиллерия снарядлари ва миномётлар топилди
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда қурилаётган объектда иккита артиллерия аслаҳаси топилгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 27 декабрь куни 102 рақамига қашқадарёлик 26 ёшли Ш.Т.дан хабар келиб тушган. Унинг сўзларига кўра, йигит таниши 29 ёшли А.М. билан биргаликда Яккасарой туманида қурилаётган объект ҳудудида шубҳали, артиллерия аслаҳаларига ўхшаш занглаган буюмлар топган. У фуқаролик масъулиятидан келиб чиқиб, тезкор хизматларга хабар берган.
Кўрсатилган манзилга Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ИИВнинг махсус мутахассислари билан биргаликда етиб борган. Текширув ўтказилгач, топилган буюмлар ўқув машғулотлари давомида фойдаланишга мўлжалланган иккита 115 миллиметрли ўқув снаряди ва иккита 82 миллиметрли ўқув миномёти экани маълум бўлди. Мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.