Телеканалларда реклама жойлаштиришга ажратилган вақт кўпайтирилади

Телерадио ташкилотлари учун реклама жойлаштиришга ажратилган вақт ҳар бир соатига амалдаги 10 фоиздан 20 фоизга узайтирилиши кутилмоқда. Амалдаги тартиб билан телерадио ташкилотлар эфир учун соатига 6 дақиқадан реклама бераётган бўлса, энди бу вақт яна бир бараварга кўпаяди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси 2-ўқишда кўриб чиқилди. Медиа ташкилотларда эфир вақтида реклама жойлаштириш учун ажратилган оралиқни кўпайтириш айнан шу лойиҳада назарда тутилган.

Маълумот учун 2018 йилнинг биринчи ярмида миллий телеканалларда рекламанинг бир дақиқаси нархи ўртача 2 миллион сўмни ташкил қилган.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ташқи рекламани жойлаштиришга оид талабларни белгиловчи 4 та моддадан иборат алоҳида боб киритиган.

Таъкидланишича, ноаниқликларга олиб келган «ахлоқсиз реклама», «уйғунлаштирилган реклама», «хомийлик рекламаси» каби айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда ва янги тушунчалар қўшилмоқда. Шунингдек, рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказишга ҳамда уларнинг рекламасига доир аниқ тартиб ўрнатилмоқда. Электрон савдода маҳсулот рекламаси, интернетда тарқатиладиган рекламани тартибга солувчи янги талаблар киритилмоқда.

Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан суд тартибида қўлланиладиган молиявий санкциялар ўрнатилмоқда.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон ҳудудида рекламани ишлаб чиқариш, тарқатиш, жойлаштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ва маҳсулот рекламасида унинг хусусияти, тайёрланиш усули, истеъмол хусусиятларига кўра ҳаридорларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситасида тарқатилишининг олдини олишга қаратилган.

Янгиликлар