Тошкентда сўнгги 12 йилда аҳоли кўпайди, аммо жамоат транспортида қатнов камайди
Вазирлар Маҳкамаси «Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» қарор лойиҳасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирди. Ҳужжатда пойтахт жамоат транспорти билан боғлиқ бир қатор маълумотлар берилган бўлиб, уларнинг баъзилари жамоатчиликда яна саволларни кўпайтирмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирда Тошкент шаҳрида жамоат транспортида кунлик ўртача 940–950 минг йўловчи ташилмоқда. Солиштириш учун, 2009 йилда пойтахт жамоат транспорти кунига ўртача 1,5 миллиондан ортиқ одамга хизмат кўрсатган. 2009–2021 йилгача бўлган оралиғда эса шаҳар аҳолиси 488 мингга кўпайган.
Статқўм маълумотига кўра, 2009 йилда Тошкент аҳолиси 2 миллион 206 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йилгача бу кўрсаткич 2 миллион 694 мингга етган. Соддароқ тушунтирганда, шаҳар аҳолиси ўсиши фонида жамоат транспортининг қуввати кескин камайган.
Ижро этилмаган режа
Юқоридаги қарор лойиҳасида яна бир маълумот кўрсатиб ўтилган:
«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар тасарруфида 2021 йил 1 август ҳолатига жами 1 минг 179 та шаҳар йўловчи автобуси мавжуд. 2014 йилда эса жамият 1500 та автобусга эгалик қилган. Яъни бу даврда нафақат трамвай тизимининг фаолияти тугатилган, балки автобуслар сони ҳам қисқарган.
Акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар ҳаракат таркиби учун 2017–2021 йиллар мобайнида жами 350 дона, шундан 130 дона катта сиғимли ва 220 дона кичик ва ўрта сиғимли автобус харид қилинган. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан 2017–2019 йилларнинг ўзида жами 865 та катта ва ўрта ҳажмли автобуслар харид қилиниши керак бўлган. Яъни бу йиллар давомида режалаштирилганидан 2,5 баравар кам автобуслар сотиб олинган.