Ўзбекистонда пенсия бўйича маълумот берадиган Telegram бот ишга туширилди
Ўзбекистонда пенсия таъминоти ҳақида ахборот берувчи махсус Telegram бот ишга туширилди.
Маълум бўлишича, Молия вазирлиги Ахборот технологиялари маркази ҳамда вазирлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан ҳамкорликда Telegram мессенжери орқали пенсия ва нафақа олувчи шахсларга давлат пенсия таъминоти соҳасида ахборот берувчи махсус «Пенсия» (@pensiyauzbot) боти ишга туширилди. Бу фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш ва вақт тежаш мақсадида қилинган.
Таъкидланишича, пенсия ва нафақа олувчи шахслар индивидуал равишда махсус Telegram бот орқали қуйидаги маълумотларни олиши мумкин:
- пенсия тайинлангани ҳақида маълумот;
- пенсия тўлови бўйича маълумот;
- пенсия ва нафақа тайинлаш учун зарур ҳужжатлар.
Махсус бот орқали жамғармага мурожаат йўллаш имконияти ҳам яратилган. Бундан ташқари, келгусида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоби хақида маълумот олиш режалаштирилган. Ботдан жамғарма рўйҳатида мавжуд ҳамда «СМС-Пенсия» интерактив хизматига уланган фуқаролар фойдаланиши мумкин.