Аҳолининг сув хизматлари бўйича қарзи миқдори маълум қилинди
Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув хизматлари бўйича истеъмолчиларнинг умумий қарздорлиги 794 млрд сўмга етди. Бу ҳақда АОКАда ўтказил брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ Ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.
Қарздорликнинг асосий қисмини — 577,5 млрд сўмини аҳоли, 216,6 млрд сўмини эса юридик шахслар ташкил қилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг дастлабки ярмида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 81,5% га етган. Шу билан бирга, сув ҳисоблагичлар билан таъминланган истеъмолчилар сони 248,9 мингтага (6%) ошиб, уларнинг улуши 82% га етган.
Жорий йилда давлат бюджети ҳисобидан 544 км ичимлик, 148 км оқова сув тармоқлари, 35 та ичимлик ва 7 та оқова сув иншооти қурилган. Тизимда аниқланган 4 935 та носозлик бартараф этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10% га камайган.
Ўзбекистон сув ресурсларининг атиги 4% и ичимлик учун сарфланади. Айни пайтда аҳолининг 90% и ичимлик сувидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланмоқда. Жаҳон банки вакилининг маълумотига кўра, 7 млнга яқин аҳолига ичимлик суви етиб бормайди.
«Ўзсувтаъминот» АЖ раҳбарияти сув билан таъминлаш кўрсаткичини 2030 йилгача 95% га етказиш режалаштирилганини маълум қилди. Бу борада умумий қиймати $4 млрдга тенг 35 та йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда ёки тайёрланмоқда.