Трамп маъмурияти талаба визаси учун янги суҳбатларни тўхтатишни буюрди
Трамп маъмурияти АҚШда ўқиш истагидаги хорижий талабалар учун янги визалар бўйича суҳбатларни вақтинча бекор қилди. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Бу қарор талабаларни ижтимоий тармоқлардаги фаолияти асосида кенгайтирилган текширувдан ўтказиш режалари билан боғлиқ.
Politico танишган дипломатик ҳужжатга кўра, 2025 йил 27 майдан бошлаб АҚШ элчихоналари ва консулликларига F, M ва J турдаги (талаба ва алмашинув дастури) визалари учун янги суҳбатларни белгиламаслик буюрилган. Ҳужжат АҚШ Давлат котиби Марко Рубио томонидан имзоланган.
Янги сиёсат талабалар томонидан ижтимоий тармоқларда билдирилган сиёсий фикрлар, хусусан Фаластинни қўллаб-қувватловчи постлар асосида чуқурроқ текширув ўтказишни назарда тутади. Шу сабабли, бу талабалар визасининг рад этилиш хавфини ошириши мумкин.
АҚШдаги кўплаб олий таълим муассасалари бу қарорни танқид қилди. Халқаро таълимни қўллаб-қувватловчи NAFSA ташкилоти раҳбари Фанта Ав бу қарорни адолатсиз деб атаб, хорижий талабалар мамлакат учун хавф эмас, балки бойлик эканини таъкидлади.
Янги кўрсатмалар эълон қилинмагунча, суҳбатлар жадвалига янги аризалар қўшилмайди. Илгари белгиланган суҳбатлар эса ўз вақтида ўтказилади.