Ўзбекистонда 1700 дан ортиқ шахс тақиқланган экинларни етиштиргани учун судланган
Жорий йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистонда тақиқланган экинларни етиштиргани учун 1700 дан ортиқ шахс судланган, деб хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Хусусан, 2024 йилда Жиноят кодексининг 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) билан 1 875 нафар шахс судланиб, уларнинг 258 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 1 617 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган (жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва шартли ҳукм) жазолар тайинланган.
Шунингдек, 8 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг 11 ойи мобайнида мазкур моддада назарда тутилган жиноятни содир этган 1 748 нафар шахс судланиб, уларнинг 191 нафари озодликдан маҳрум қилинди ҳамда 1 557 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган (жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва шартли ҳукм) жазолар тайинланди. 4 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган.




