Ўзбекистонда ташқи сиёсат фаолияти концепцияси янгиланади
Ўзбекистонда Ташқи сиёсат концепцияси қайта кўриб чиқилади, деб маълум қилди Президент Шавкат Мирзиёев.

Хусусан, жаҳонда бўлаётган геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги беқарорлик, минтақавий қарама-қаршиликлар ва глобал иқтисодий трансформациялар ҳар бир давлатдан ташқи сиёсатни доимий равишда қайта кўриб чиқишни, уни миллий манфаатлар ва замон талабларига мослаштириб боришни тақозо қилаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, глобал хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар, янги иқтисодий иттифоқлар, савдо йўналишлари, технологиялар ва энергия бозорларидаги трансформациялар ташқи сиёсатимиздан янада фаол, аниқ мақсадли ва натижага йўналтирилган ёндашувни талаб этмоқда, – деди президент.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.
Янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим,– деди давлат раҳбари.
Ишларни самарали ташкил қилиш учун элчихоналарнинг ҳар бирига қўшимча маблағ берилиши белгиланди. Дипломатларнинг хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат» фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.





