Telegram’да фирибгарлик қилган шахс қўлга олинди

Навоийда Telegram орқали PUBG ўйинига доир аккаунтлар сотишни реклама қилиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган шахс ушланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Оҳангарон шаҳрида яшовчи 20 ёшли йигит ИИБга мурожаат қилиб, Telegram орқали номаълум шахсдан аккаунт харид қилиш учун унинг банк картасига 9 млн сўм ўтказганини билдирган. Аммо ваъда қилинган аккаунт сотувчининг ўзи томонидан бир кундан сўнг қайтариб олинган.

Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида бу жиноятни Навоий вилоятида яшовчи яна бир 20 ёшли йигит содир этгани аниқланган. У Telegram’даги турли каналларда реклама бериб, аккаунтларни вақтинчалик тақдим этган, сўнгра паролларни ўзгартириб, пулларни ўзлаштириб келган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди (ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Навоий