Ўзбекистонда Суриядаги террорчиларга қўшилмоқчи бўлган эркак 10 йилга қамалди
Фуқаро тақиқланган материалларни тарқатган, шунингдек, террорчилик ташкилоти вакилига пул маблағларини ўтказиб берган

Терроризм тузоғига тушган шахс 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, 1995 йил Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро 2017 йилда Жанубий Корея Республикасининг нуфузли университетига ўқишга киради. Хорижда таҳсил олиш даврида у ижтимоий тармоқлар орқали «жиҳод», «ҳижрат» ва «шаҳидлик» ни тарғиб қилувчи шахсларнинг аудио-видео маърузалари билан танишади.
Шу тариқа у Instagram ва Тelegram тармоқлари орқали Сурия ҳудудида фаолият юритаётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ҳамда «Ғуроба катибаси» каби террористик ташкилотларга алоқадор кимсалар билан мулоқотга киришиб, уларга тааллуқли материалларни тарқата бошлайди.
Университетни тамомлаганидан кейин ҳам Жанубий Кореяда қолган мазкур шахс «Ғуроба катибаси» террористик ташкилоти медиа блогери «Саад Мухтор»нинг интернет орқали амалга оширган алдовларига ишониб, унга пул юборади. 2023 йилнинг декабрь ойида эса у Ўзбекистонга қайтиб келади.
2024 йилнинг июль ойида Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркияга боради, аммо режаси амалга ошмай ортга қайтади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида мазкур шахс қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Суд ҳукми билан у Жиноят Кодексининг 244¹, 244², 155² ва 155³-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.





