Абдулазиз Комилов нима учун Ўзбекистон «Тинчлик кенгашига» қўшилганини тушунтирди
Ўзбекистоннинг «Тинчлик кенгаши»га қўшилиш ҳақидаги қарори хавфсизлик билан боғлиқ мулоҳазаларга асосланган бўлиб, ушбу ташкилот олдига қўйилган вазифалар мамлакатнинг ташқи сиёсий манфаатларига мос келади. Бу ҳақда Президент маслаҳатчиси, Абдулазиз Камилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Камилов сўзларига кўра, иқтисодий форум кун тартибида кўплаб сиёсий масалалар мавжуд бўлиб, улардан бири Ғазо секторидаги ҳарбий-иқтисодий инқироз ва уни бартараф этиш йўлларини излашдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Дональд Трампнинг таклифини қабул қилди ва унга розилик билдирди. Шу билан бирга, «нега биз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватладик?» деган савол туғилади. Биринчидан, хавфсизлик нуқтаи назаридан бизда, шубҳасиз, ўз манфаатларимиз мавжуд. Иккинчидан, кенгаш олдига қўйилган вазифа ва мақсадлар ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойилларига тўлиқ мос келади ва улар билан уйғунлашади. Учинчидан, ушбу минтақада биз учун ҳақиқатан ҳам муҳим, ҳаётий аҳамиятга эга манфаатлар бор, — дея изоҳ берди президент маслаҳатчиси.
Абдулазиз Камилов Ўзбекистон раҳбарияти нега Яқин Шарқ минтақасига алоҳида эътибор қаратаётгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.
Унинг айтишича, илгари Ўзбекистоннинг айрим фуқаролари мазкур минтақадаги экстремистик оқимлар, ташкилотлар ва гуруҳларга қўшилиб кетган. Бироқ давлат уларнинг ватанга қайтишини таъминлаб, янги ҳаёт бошлаши учун зарур шарт-шароитлар яратган.
Бундай инсонпарвар сиёсат БМТ раҳбарияти томонидан жуда юқори баҳоланган. Уларнинг таъкидлашича, Президентимизнинг олиб бораётган сиёсати бутун дунё учун намуна бўла олади. Шу боис, бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам ушбу минтақада ўз манфаатлари мавжуд бўлиб, уларнинг энг асосийси — ўз хавфсизлигини таъминлашдир, — деди Камилов.
Шунингдек, Камилов Ўзбекистоннинг саммитда иштирок этиши мамлакатнинг халқаро жараёнларда жиддий иштирокчи сифатида эътироф этилаётганини англатишини таъкидлади. «Бу жуда муҳим сиёсий тадбир. Бу — Ўзбекистонга халқаро майдонда жиддий иштирокчи сифатида билдирилаётган ишонч, ҳурмат ва эътирофнинг яққол ифодасидир», деб таъкидлади маслахатчи.





