«Андижон» футбол клуби «Бенфика» билан ҳамкорлик қилади
«Андижон» футбол клуби Португалия пойтахти Лиссабон шаҳрининг «Бенфика» футбол клуби билан шартнома имзолаш арафасида турибди. Бу ҳақда «Андижон» клуби матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Андижон» футбол клуби Португалия пойтахти Лиссабон шаҳрининг «Бенфика» футбол клуби билан шартнома имзолайди. Клуб расмийлари Лиссабоннинг «Бенфика» клуби билан музокараларни бошлаган. Шартнома яқин кунларда имзоланади.
Шартномада «Бенфика» футбол клубининг инфратузилмаси, академиянинг иш услуби, ишлаш тартиби ўрганилиб, мураббийлар штаби ва ёш футболчилар «Бенфика» академиясида малака ошириб қайтиши кўзда тутилган. Шунингдек, Португалиялик мураббийлар Ўзбекистонга келиб, андижонлик ёш футболчиларга маҳорат дарслари ўтиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, шартнома масалалари якунланиш босқичига етиб келган. Ҳозирда карантин тартиб қоидалари сабаб, Португалияга бориш имкони бўлмайди, карантин чекловлари юмшатилгандан сўнггина жамоа раҳбарияти Португалия пойтахтига бориб, шартнома имзолаб қайтишлари мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиландда ўзбек футболчиси коронавирусга чалинганди.